“Севинч” профессионал футбол клуби ютуқлари

“Севинч” профессионал футбол клуби 2003 йили ташкил этилган. “Севинч” аёллар футболи бўйича мамлакатимизда тенгги йўқ, етакчи клуб ҳисобланади. Халқаро майдонда эса мамлакатимизнинг муносиб вакили ҳисобланади. “Севинч” шу пайтгача ўн икки карра Ўзбекистон чемпиони, тўққиз карра Ўзбекистон Кубоги соҳибасидир. Мини футбол буйича 13 марта чемпион, Мини футбол буйича Ўзбекистон Кубогини 10 марта қўлга киритган.

Айни пайтда амалдаги Ўзбекистон чемпиони ҳамдир.

“Севинч” нинг Ўзбекистон чемпионатида илк дебюти ҳам 2003 йили бўлиб ўтган, шу йили улар чемпионатнинг бронза медалини қўлга киритишади ва бу шубҳасиз катта ютуқ эди.

2004 йилги чемпионатда эса “Севинч” ПФК ўз тарихида биринчи марта мамлакатимизнинг чемпионига айланишди ва олтин медалларга сазовор бўлишди.

Келгуси 2005 йилги чемпионатда эса кумуш медал билан кифояланишди.

2005 йил ҳам қизларимиз ҳаётида ўчмас из қолдирди десак муболаға бўлмайди, чунки шу йили “Севинч” жамоаси аёллар футбол жамоалари ўртасидаги мини-футбол бўйича чемпионатда ҳам чемпионликни, ҳам мамлакат кубогини қўлга киритишади ва мини-футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси таркибида, Таиландда бўлиб утган Осиё ўйинларидаги мини-футбол бўйича мусобақаларда қатнашиб, ғалабага эришади.

2006 йили “Севинч” қизлари ўзларини мамлакатимизда етакчи футбол клуби эканлигини яна бир марта исботлашади. Улар мамлакат чемпиони бўлишиб, аёллар ўртасидаги мини-футбол бўйича ҳам чемпион бўлишган ва мамлакат кубоги соҳибаси ҳам бўлишган. «Севинч» жамоаси 2006 йилдан буён чемпионлик шоҳсупасини ҳеч кимга бермай келаяпти.

2007 ва 2008 йиллар мавсумида эса “Севинч” жамоаси ўзига хос  рекорд  ўрнатади яъни мамлакатимиздаги барча совринларни қўлга киритишган, шунингдек улар пляж футболи совринларига ҳам эгалик қилишган.

2009 йил айниқса “Севинч” қизлари учун совринлар йиғиш бўйича сермаҳсул бўлди. Қизларимиз бир қатор халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Жумладан, Россияда ташкил этилган мини футбол бўйича аёллар ўртасидаги “Истринская жемчужина” халқаро мусобақасида бош совринни. Иорданияда бўлиб ўтган мини футбол бўйича “Омон-76” кубоги мусобақаларида қатнашиб юртимизга ғалаба билан қайтиб келишади. Бундан ташқари худди шу йили, Қарши шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро “Karshi Cup-2009” турнирида рақибларига ҳеч қандай имкон қолдирмасдан бош совринни қўлга киритишади.

Ўша йили ички чемпионатимизда қизларимиз мамлакат кубогини қўлга киритиша олмаган лекин бунинг ўрнига, улар Болгарияда бўлиб ўтган яна бир нуфузли мусобақа – Европа Кубоги совринини қўлга киритишиб қайтишади, шундай қилиб, Ўзбекистонда аёллар футболи қай даражада ривожланаётганини исботлаб беришган.

2010 йили “Севинч” қизлари 2007 йилда қўлга киритган барча рекордларини такрорлашади яъни мамлакатимиздаги барча совринларни соҳибаларига айланишиб, Ўзбекистон терма жамоаси таркибида, БАА да ташкил этилган XIV Араб ўйинлари мусобақалари доирасидаги аёллар ўртасида бўлиб ўтган мини-футбол мусобақалари ғолиблигини ҳам нишонлашган.

2010 йил апрел ва сентябрь ойларида эса “Омон-76” ва “Karshi Cup-2010” халқаро турнирларининг кумуш медалига сазовор бўлишган. Футзал бўйича Европа кубоги мусобақаларида эса фахрли учинчи ўринни эгаллашиб, бронза медалини қўлга киритишган.

2006 йилдан кетма-кет ҳозиргача “Севинч” қизлари аёллар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати шоҳсупасини ҳеч қайси жамоага бермай келмоқда.

Қизларимиз 2009 ва 2014, 2015 йиллардан ташқари тўққиз марта аёллар ўртасидаги катта футболда Ўзбекистон Кубогини қулга киритишган.

Мамлакатимизда кейинги пайтларда соҳил футболи ҳам ривожлана бошланди. Ушбу футбол тури бўйича ҳам бизда 2007 йилдан қатор мусобақалар ўтказилиб келинмоқда. “Севинч” қизлари ушбу футбол турида ҳам етакчилик ролини ўйнашмоқда. Улар 7 карра чемпионликни ва шунча Ўзбекистон Кубогини қўлга киритишган.

Жамоамиз 2015 йилнинг бошида ўтказилган мини футбол бўйича XI Ўзбекистон чемпионатининг бош совринини ва  мини футбол бўйича IX Ўзбекистон Кубогини ҳам эгаллашди.

«Севинч» 2016 йили ҳам мини футбол бўйича XII Ўзбекистон чемпионатининг бош совринини ва  мини футбол бўйича X Ўзбекистон Кубоги cоҳиби бўлган.

2015 йилги мавсум бошида Ўзбекистон аёллар футбол тарихида ўтказилган илк – I Ўзбекистон Суперкубокда жамоамиз ушбу совринни қўлга киритди.

2015 йилги мавсумда «Севинч» жамоаси ўз тарихида ўн биринчи марта  Ўзбекистон чемпионлигини нишонлади.

«Севинч» профессионал футбол клуби 2016 йилги мавсумда ўн иккинчи марта мамлакат чемпионлигини ва ўз тарихида тўққизинчи марта Ўзбекистон Кубоги соҳиби бўлди.

Жамоамиз 2017 йилги футбол мавсумини ҳам совринни қўлга киритиш билан бошлади. Мини футбол бўйича Тошкентда ўтказилган XIII  Ўзбекистон чемпионатида ғолибликни қўлга киритди. Бу билан «Севинч» ўз тарихида ўн уч марта Ўзбекистон чемпионига айланди.

2017 йил 27-31 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтган мини футбол бўйича Ўзбекистон кубоги мусобқасида бош совринни қўлга киритди. Бу билан «Севинч» ўз тарихида 10-марта ушбу кубок соҳиби бўлди.

2017 йил 17 апрел куни Ўзбекистон аёллар футболи тарихида III Ўзбекистон Суперкубоги учрашуви ўтказилди. Унда 2016 йил чемпиони ва Кубоги соҳиби бўлган “Севинч” жамоамиз, чемпионат кумуш медали соҳиби Бекободнинг “Металлург –W” жамоаси билан куч синашди. Учрашувда “Севинч” жамоамиз рақибини 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, ўз тарихида икки карра Ўзбекистон Суперкубоги соҳибига айланди.