Бугун жамоамиз жорий чемпионатдаги яна бир муҳим учрашувда майдонга тушди. Жамоамиз Тошкентда “Бунёдкор W” жамоаси билан куч синашди.

Бугунги рақибимиз – “Бунёдкор W” жамоаси кейинги йилларда анча кучли ўйин намойиш этаётганини алоҳида таъкидлаган бўлардик. Жамоа таркиби ҳам йилдан-йилга маҳоратли футболчилар билан кучайтириб борилмоқда.

Шунинг учун бугунги учрашув “Севинч” учун яна бир синов вазифасини ўтади. Бу йилги чемпионатда ушбу иккала жамоа кумуш медалга асосий давогарлар ҳисобланишарди.

Учрашувда жамоамиз катта ирода кўрсатишиб майдон эгаларини мағлубиятга учратди.

Учрашувни “Севинч” ташаббус билан бошлади. 2-дақиқадаёқ жамоамиз ҳисобда олдинга ўтиб олишга эришди. Учрашувдаги дастлабки голни тўпурар ҳужумчимиз Нилуфар Қудратова киритди – 0:1.

Учрашувдаги ҳисоб очилгандан кейин ҳам футболчиларимиз майдонда устунликни сақлаб туришди. Аммо учрашувнинг 37-дақиқасида майдон эгалари жарима майдончамиз яқинида жарима тўпи ишлаб олишди. Жаримани Дилноза Бектемирова амалга оширди. Посбонимиз Лайло Тилавова жарима тўпи йўналишини тўғри топди, аммо тўп дарвоза устунига тегиб, тўрдан жой эгаллади – 1:1.

Учрашувда ҳисоб тенглашгач майдонда муросасиз курашлар давом этди. Жамоамизнинг ташкил этган ҳужумлари орқали вазиятлар ҳам яратилди. Аммо биринчи бўлимда дарвозаларга бошқа голлар киритилмади.

Иккинчи бўлим ҳам жуда қизиқарли бўлди. Учрашувнинг 51-дақиқасида энди “Севинч” стандарт вазиятга эга бўлди. Жаримани Мафтуна Шойимова жуда чиройли тарзда амалга ошириб ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди ва жамоадошларини ҳисобда олдинга олиб чиқди – 1:2.

Учрашувнинг 70-дақиқасидан “Севинч” майдонда ўн киши бўлиб қолди. Иккинчи марта огоҳлантирилган Гулҳайё Маннобоева майдондан четлатилди.

Учрашувнинг 81-дақиқасида “Бунёдкор W” жамоасининг тўпурари Лианна Нарбекова жароҳат олиб майдонни тарк этди. Ўзингиз биласиз, ушбу футболчи жамоанинг тўпурари ҳисобланади. Бу футболчига тезроқ соғайиб майдонга қайтишига тилак билдириб қоламиз.

Учрашувнинг қолган дақиқалари ҳам курашларга бой бўлди. Аммо футболчиларимиз бошқа гол уришмаган бўлишсада, ҳимояда хатога йўл қўйишмади ва ўз дарвозасидан бошқа гол ўтказмади.

Шундай қилиб, жамоамиз кучли рақибни мағлуб этиб, чемпионатдаги иккинчи ўрнини мустаҳкамлаб олди.

“Севинч” шу билан октябр ойида бошқа учрашув ўтказмайди. Бунга сабаб, жамоамизнинг 11 нафар ўйинчиси U-19 терма жамоамиз таркибига жалб этилганидир.

 

XXIII Ўзбекистон чемпионати, 16-тур

“Бунёдкор W” (Тошкент) – “Севинч” (Қарши) 1:2 (1:1)

05.10.2017. “Бунёдкор” академиясининг 7- майдони. 16:00да

 

Бош ҳакам: Эдита Миробидова (Тошкент)

Қанот ҳакамлари:  Ҳусниддин Баҳодиров (Тошкент), Кристина Середа (Бухоро)

Захира ҳаками: Жаҳонгир Абдураззоқов (Тошкент)

Назоратчи: Эркин Орипов (Фарғона)

ЎзАФА вакили: Эльмира Ғуломова.

 

Гол: Дилноза Бектемирова, 37′-1:1 – Нилуфар Қудратова, 2′-0:1, М.Шойимова, 51‘-2-1

 

“Бунёдкор W”: 1.Ольга Каххарова, 7.Лианна Нарбекова (17.Эзоза  Шарипова 82), 8.Наргиза Абдурасулова (3.Дарина Федосенко 63), 9.Мария Моисеева (21.Тожинисахон Рашидова 86), 10.Саида Галимова, 11.Екатерина Сальникова (с),  13.Лидия Цема, 15.Умида Зоирова, 20.Дилноза Бектемирова, 22.Солиҳа Ҳусниддинова, 77.Луиза Садирова.

Захира: 25.Диёра Ғуломова, 2.Муқаддам Абдуллаева,  5.Анзиля Ермакова, 18.Мадина Юсупова.

 

“Севинч”: 1.Лайло Тилавова, 7.Олия Ахмедова, 9.Мафтуна Шойимова, 11.Шахзода Жамолова, 15.Шахноза Қурбонова, 17.Танзиля Зарбиева (с), 19.Гулҳайё Маннобоева, 20.Севара Нормуродова, 23.Мафтуна Панжиева (10.Ильвина Аблякимова 80), 37.Малика Бурханова, 77.Нилуфар Қудратова.

Захира: 12.Мафтуна Жонимқулова, 3.Шоира Қултураева, 6.Феруза Бобохўжаева, 8.Камола Рискиева,  18.Шахноза Шокирова,  27.Шодия Тошева.

Огоҳлантириш: Лузиза Садирова (12) – Гулҳайё Маннабоева (21, 70)

Четлатиш: Гулҳайё Маннобоева – 70 (2СК)

Share to Google Buzz
Share to Google Plus
Share to LiveJournal
Share to MyWorld
Share to Odnoklassniki