Аёллар футболи соҳасида ишлашим туфайли, бу соҳа футболи мутахасислари билан кўп мулоқотда бўламан. Улар баъзан аёллар футболини ривожлантириш борасида амалга ошмаётган ишлар ҳақида гапириб қолишади, шунингдек улар ажойиб таклифларини ҳам ўртага ташлашади. Муаммолар ҳақида гапиришади. Аммо бу муаммо ва таклифлар матбуотда ёритилмаса ёки бу ҳақда юқоридаги мутасадди раҳбарларга етказилмаса армон бўлиб қолаверади. Келинг, шу ҳақда фикрлашайлик.

Бизда аёллар футболи қай даражада?
Мамлакатимизда аёллар футболи ҳам мустақиллик йилларида эркаклар футболи каби маълум ютуқларни қўлга киритди. Айни пайтда мамлакатимиз аёллар футболи ФИФА рейтингида 41-ўринда бормоқда. Бу эътирофга биз 2015 йилдан эришдик. Бунгача ФИФА рейтингини 143-поғонасида бораётган эдик. Осиё футболи рейтингида эса кучли саккизликда бормоқдамиз.
Демак, мана шунинг ўзи аёлларимиз футболи кейинги йилларда ривожланиш йўлига ўтганидан далолат беради.

Ўзбекистонда 1995 йилдан ҳозиргача аёллар ўртасидаги олий лига мусобақалари ва 2011 йилдан Ўзбекистон Биринчилиги мусобақалари ҳамда аёллар ўртасида Ўзбекистон Кубоги мусобақалари ўтказиб келинади. Ҳозирги пайтда аёллар олий лигасида 11та жамоа, 1-лигада эса бор йўғи 6 жамоа иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигасининг регламентига кўра, 2013 йилдан бошлаб ҳар бир эркаклар олий лига клублари қошида аёллар жамоаси ҳам бўлиши талаб этилади. Аммо регламентда мавжуд эркаклар клублари томонидан айнан қайси лигада аёллар жамоаси қўйиши аниқ белгиланмаган. Регламентнинг бу бандига баъзи клублар ҳозиргача амал қилишмайди ёки ПФЛ улардан талаб қилмайди. Масалан, “Пахтакор”, “Динамо”, “Қўқон-1912”, “Навбаҳор”, “Обод” ва “Сўғдиёна” клублари қошида ҳанузгача аёллар олий лига жамоаси ташкил этилмаган. “Андижон” клуби қуйи лигада иштирок этаётган бўлсада, аёллар футболида ўз жамоасига эга.
Мабода ПФЛ ҳар йили эълон қиладиган регламентида бу соҳа бўйича талабини оширса, бу муаммоларни ҳал қилса бўлади.

Аёллар футболидаги ютуқларимиз
Мустақиллик йилларида аёллар футболи қандай ютуқларни қўлга киритди? Шу ютуқларнинг асосийлари ҳақида сўз юритсак. Масалан, 2012 йили U-16 ёшдаги ўсмир қизлар терма жамоамиз илк марта Шри-Ланкада ўтказилган Осиё чемпионатининг саралаш турнирида қатнашиб, 1-ўринни эгаллашди. Бу билан улар 2013 йили Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.
2014 йили мамлакатимизнинг U-19 ва U-16 ёш тоифасидаги терма жамоалари саралашлардан муваффақиятли ўтиб, 2015 йилги финал босқичи йўлланмасини қўлга киритишган.

2016 йили Тожикистонда бўлиб ўтган U-19 ўсмирлар терма жамоамиз Осиё чемпионатининг саралаш босиқичида муваффақиятли иштирок этиб, 2017 йили Хитойда бўладиган Осиё чемпионати финал босқичига йўлланмасини қўлга киритди.
Шунингдек 2016 йилдан бошлаб CAFA турнирларида ҳам U-19 ва U-16 тоифасидаги ўсмир қизларимиз терма жамоалари тўртта жамоа ичида юқори ўринларни забт этишди.

Энди асосий аёллар терма жамоамиз ҳам, Олимпия терма жамоамиз шу пайтгача саралаш турнирлари финал босқичига бирон марта чиқа олишмаган.
Шу ерда алоҳида таъкидлаш жоизки, юқорида тилга олган ёш тоифали терма жамоаларимизда иштирок этган футболчи қизларимиз ҳозирги кунда асосий терма жамоамизда фаолият юритиш даражасига етиб келишди. Чунки улар бунгача бир қанча халқаро турнирларда иштирок этишиб, маълум тажриба тўплашди.
Демак, бизда асосий терма жамоамизда тўп сурадиган ўйинчилар мавжуд.
Афсуски, биз аёллар футболимиз бўйича бошқа ютуқлар билан мақтана олмаймиз.

Қитъамиз аёллар футболидаги тажриба
Осиёда аёллар футболи қандай ривожланаётгани ва улар билан ўзимиздаги аёллар футболи аҳволини солиштириб кўрамиз.

Биз юқорида мамлакатимиз аёллар футболи кучли саккизликка киришини тилга олдик. Булар Япония, Шимолий Корея, Австралия, Хитой, Жанубий Корея, Таиланд ва албатта Ўзбекистон. Бизнинг терма жамоаларимизга айнан мана шу мамлакат вакиллари олдинга ўтишга тўсқинлик қилишмоқда. Ҳаттоки, Австралия ФИФА рейтингида – 6, Япония -8, Шимолий Корея – 10, Хитой Республикаси – 13, Жанубий Корея – 15 ва Таиланд – 29 поғонани эгаллаб туришибди. Шуни таъкидлаш жоизки, бу давлатлар бизга нисбатан анча йиллар аввал аёллар футболига эътибор қаратган. Бизда эса аёллар футболига мустақиллик йилларида эътибор берила бошланди. Демак, биз уларга нисбатан анча кейинроқ бу соҳага эътибор қаратдик.

Хўш, бу давлатлар қандай қилиб бу ютуққа эришдилар? Мисол тариқасида Японияни оладиган бўлсак, бу юртда футбол қизларга мактаб давридаёқ дарс сифатида ўқитилади, бу ерда қизлар ўғил болалар билан аралаш футбол ўйнашади. Яъни нафақат бу давлатда ёш қизларга дастлабки футбол сирлари ўргатилиб қолмай, уларни ҳатто эркаклар футболига яқинлаштиришади. Чунки, эркаклар аёлларга нисбатан тез ўйлаш қобилиятига эга бўлишади. Бу сифат шу йўл билан қизларга ёшлигиданоқ сингдирилади. Хитой давлатини олсак, бу ерда 16 ва 19 ёшдаги қизлар ўртасида мамлакат чемпионати мунтазам ўтказиб келинади. Ҳар бир ёш тоифасидаги мамлакат биринчилигида камида 20та жамоа иштирок этади. Бу орқали хитойликлар мамлакатнинг шу ёш тоифасидаги терма жамоларига камида 500та футболчи қизлардан танлаб олишади. Бизда эса, бу рақам бор йўғи 30-35тани ташкил этади. Буларнинг аксарияти Қаршининг “Севинч” клуби тарбияланувчилари ҳисобланишади. Чунки, “Севинч” клубида тайёрлов гуруҳлари мунтазам фаолият юритиб келмоқда. Бу орқали “Севинч” клуби нафақат ўз таркибини футболчилар билан тўлдириб қолмай, балки бошқа олий лига жамоаларини ҳам профессионал ўйинчилар билан таъминлайдиган клубга айланган. Афсуски, бу борада “Севинч”га рақобат қиладиган бошқа аёллар футбол клуби йўқ.

Аёллар футболидаги муаммоларимиз ва уларнинг ечими бўйича таклифлар

Демак, биз аёллар футболини ривожлантириш учун жойларда аввало қиз болалар футболига эътибор беришимиз керак. Яъни терма жамоаларимиз таркибига ўйинчи танлаб олиш имкониятимизни оширишимиз керак. Қиз болаларни 8 ёшиданоқ футболга кўпроқ жалб қилишимиз керак бўлади. Қандай қилиб бунга эришиш мумкин? Ўзингизга маълум, бизда “Умид ниҳоллари” ва “Баркамол авлод” ҳамда “Универсиада” Республика спорт мусобақалари ўтказилиб келинади. Аммо бу мусобақада қизлар футбол жамоалари иштирок этишмайди ёки бу талаб қилинмайди. Агар қизлар футболи бу мусобақаларга киритилса. Ўз-ўзидан бизда жойларда қизлар футболига эътибор пайдо бўлади. Аммо бу фақатгина қизларимиз ўртасида футболни оммавийлаштириши мумкин. Яъни уларни соғлом ҳаёт кечиришига туртки бўлади.

Энди биз қитъамиз ва жаҳон мусобақаларида керакли ютуқларни қўлга киритишимиз учун, қизлар профессионал футболини ҳам ривожлантиришмиз керак бўлади. Бунинг учун, биринчидан ҳар бир олий клублари ПФЛ регламентини бажариши керак бўлади. Яъни ҳар бир клуб қошида аёллар клуби бўлиши керак ва бу клублар қошида ўғил болалар футболидек қиз болалар тайёрлов гуруҳлари ҳам бўлиши талаб этилади. Улар ўртасида Республика биринчиликлари ташкил этишимиз зарур. Бу тайёрлов гуруҳлари ўз-ўзидан мамлакатимизнинг турли ёш тоифаларидаги терма жамоаларга ўйинчилар етказиб бериш имкониятини оширади.

Клубларда тўп тепган қизларимиз футболчилик фолиятини якунлагач, қаерда ишлаши ҳақида боши оғрийди. Улар фаолияти давомида жуда катта тажриба тўплашади. Улар бемалол мураббийлик фаолияти билан шуғулланишлари мумкин. Фақат уларни мураббийликка ўқитиш ва тегишли лицензиялар олиши учун амалий ёрдам кўрсатиш керак. Агар биз жойларда қизлар футболини ривожлантиришни йўлга қўйсак, ана шундай собиқ футболчи қизларимиз иш ўринларига ҳам эга бўлишар эди.

Яна бир таклиф. Мамлакатимиз аёллар футболида фаолият юритаётган мураббийлар ва мутахасисларни йилда бир марта, аёллар футболи ривожланган давлатларнинг футбол федерациялари билан келишилган ҳолда, тажриба алмашиш учун ўқув семинарлари ташкил этиш керак. Бу нима беради? Бу мураббий ва мутахасисларимизни малакасини оширади.

Аёллар футболи ривожланишига туртки бўладиган яна бир муаммо борки, бу Осиё Футбол Конфедерацияси ваколатига тегишли. Яъни қитъамизда етакчи аёллар клублари ўртасида ОФК кубоги ва Осиё чемпионлар лигаси мусобақаси ўтказилмаслиги. Агар шундай мусобақалар ташкил этилса, аёллар футболига қизиқиш ҳам ортган бўлар эди. Қолаверса, бундай мусобақада иштирок этиш орқали футболчи қизларимиз халқаро майдонларда ҳам тажриба тўплашган бўлар эдилар.

Мамлакатимизда аёллар футболи оммавий ахборот воситаларида қандай ёритилади? Шу ҳақда озгина тўхталсак. Ҳозирги пайтда юртимизда футболни ёритадиган интернет нашрлари жуда кўпчиликни ташкил этади. Шунингдек бу соҳадаги газеталар ҳам кўплаб нашр қилинмоқда. Энди бу ОАВлари кўпроқ аёллар футболига ҳам эътиборларини қаратишганда эди, мамлакатимизда аёллар футболини ривожига ўзларининг катта ҳиссаларини қўшган булур эдилар.

“Sport” телеканалида бир йилда бор йўғи Ўзбекистон Суперкубоги учрашувини намойиш этишади, холос. Аммо телеканалда махсус аёллар футболига оид кўрсатувлар йўқ. Чемпионат ўйинлари ҳақида маълумотлар деярли йўқ.

Мавжуд аёллар футбол клубларида матбуот хизмати ҳам йўлга қўйилмаган ёки бу клубдаги матбуот хизмати ходимлари ўз клубининг аёллар жамоаси ҳақида ёзишга вақтлари етмайди. Бунга сабаб – штат камлигидан. Фақатгина мамлакатимиздаги Қаршининг “Севинч” клубида бу хизмат фаолият кўрсатмоқда, яъни шундай алоҳида штат жорий этилган.

Ўзбекистон Аёллар Футбол Ассоциациясининг www.womenfootball.uz расмий сайти ҳам ислоҳатга муҳтож. ПФЛ расмий сайтида ҳам аёллар футболи ҳақида маълумот ёки хабарлар йўқ.
Агар бу камчиликлар бартараф этилса, юртимиз футбол ишқибозлари кўпроқ аёллар футболи ҳақида маълумотларга эга бўлишар эдилар.

Биз ахборот асрида яшаяпмиз. Оммавий ахборот воситалари ҳар бир соҳани оммалаштиришда ёки ривожлантиришда муҳим рол ўйнашади. Аёллар футболи бу соҳа вакиллари назаридан четда қолаверса, эътибор ҳам шунга яраша бўлаверади.

Энди мухлисларга келсак, аёллар футболига қизиқадиган футбол ишқибозлари ҳам юртимизда кўплаб топилади. Аммо улар юқорида айтиб ўтганимиздек, аёллар футболига оид маълумотларга эга эмаслар. Қолаверса, ўйинлар улар учун ноқулай вақтларда ўтказилади. Бунинг устига ўйинлар ўтказиладиган стадионларда, улар учун деярли шароит мавжуд эмас. Аёллар футболига кўпинча асосий эмас, иккинчи даражадаги стадионлар ажратилади. Бу албатта, “футбол – ишқибозлар учун” иборасига тўғри келмайди. Ўйин ўтказиладиган вақт ҳам ишқибозлар учун ноқулай вақтга белгиланади. Масалан, бу вақт кўпинча иш вақтларига тўғри келиб қолади.

Сўнгги сўз ўрнида
Бу орқали мамлакатимиздаги аёллар катта футболига оид айрим муаммоларга тўхталдик холос. Афсуски, аёллар футболимизда ечимини кутаётган муаммолар кўплаб топилади. Аёллар мини футболи ва соҳил футболи ҳақида сўз очиб ўтирмадик. Футболнинг бу соҳаси ҳам долзарб ҳисобланади.
Умид қилар эдикки, қисқа вақт ичида Ўзбекистон Футбол Федерациясининг янги раҳбарлари бу соҳага ҳам ўз эътиборларини қаратишади. Зеро, бизда аёллар футболи бўйича жуда катта ютуқларни қўлга киритиш имкониятлари бор.

 

Ренат Эрназаров – “Севинч” ПФК матбуот котиби

Share to Google Buzz
Share to Google Plus
Share to LiveJournal
Share to MyWorld
Share to Odnoklassniki