Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси Осиё чемпионати саралаш босқичига тайёргарлик юзасидан 5-9 июн кунлари Тошкентда йиғин ўтказади. 10-15 июн кунлари эса, Беларусь Республикасининг пойтахти Минск шаҳрида халқаро ўртоқлик учрашувларида иштирок этади.

Ушбу йиғинга терма  жамоа бош мураббийи Бахром Норсафаров, олти нафар футболчимизни терма жамоага таклиф этди. Булар, Лайло Тиловова, Мафтуна Жонимқулова, Лайло Шодиева, Нилуфар Қудратова, Мафтуна Шойимова ва Малика Бурхоновалардир.

Бундан ташқари Илҳом Ханжариев бошчилигидаги мамлакатимиз  U-20 терма жамоамиз ҳам Осиё чемпионати саралаш босқичига тайёргарликни бошлаган. Ушбу терма жамоага ҳам тўрт нафар футболчимиз таклиф этилган. Булар, Шахризода Зайнитдинова, Севара Нуруллаева, Ангелина Полюшкевич ва Сабрина Октябревалардир. Ушбу футболчиларимиз айни кунларда Тошкентда терма жамоа ихтиёрида бўлиб туришибди. Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз U-20 терма жамоамиз 9 июн куни Тошкентдаги ўқув-йиғин машғулотларини тугатади ва Тожикистонга йўл олади. Душанбеда 9-18 июн кунлари ўтказиладиган CAFA-2021 халқаро мусобақасида иштирок этади.

Мамлакатимиз терма жамоаларига олдинда турган учрашувларда муваффақиятлар тилаймиз. Умид қиламизки, футболчиларимиз ҳам ушбу терма жамоаларимиз ютуқларига ўз ҳиссаларини қўшишади.