Аввал хабар қилганимиздек, “Севинч” янги мавсум тайёргарлигини Қаршида давом эттирмоқда. Жамоамиз иштирокида кунига икки маҳалдан машғулотлар ўтказилмоқда.

Аёллар футболи мавсуми ҳар йили одатда  футзал мусобақасидан бошланади. Бу йил ҳам ПФЛ томонидан шундай чемпионат ташкил этилади. Жамоамизнинг ҳозирги тайёргарлиги айнан шу мусобақага қаратилган.

Таркибимизда ҳам ўзгаришлар бўлади. Шу пайтгача жамоамиз шарафини ҳимоя қилган Мафтуна Панжиева ва Фазилат Бахромовалар бошқа жамоада тўп тепиш истагини билдиришган.

Суратда: (чапдан ўнга) Нилуфар Бахтиярова ва Ана Алекперовалар  

Жамоамиз машғулотларида, ўтган йилги мавсумда “Пахтакор W” жамоасида ўйнаган озарбайжонлик легионер ҳужумчи Ана Алекперова ва “Пахтакор W” жамоаси посбони Нилуфар Бахтияровалар иштирок этишмоқда. Шунингдек ушбу футболчилар билан музокаралар ҳам олиб борилмоқда. Агар клубимиз раҳбарияти бу футболчилар билан ўзаро келишувга эришса, улар жамоамиз таркибида ўйнашади.

Қизиқарлиси, узоқ танаффусдан сўнг яна таркибимизда легионер футболчи тўп тепиши кутилмоқда. Бунгача ҳам клубимиз таркибида муқаддам россиялик футболчи қизлар ўйнашган.

Бундан ташқари клубимиз тарбияланувчиси Севара Нуруллаева ҳам жамоамизга қайтиб келган ва у ҳам машғулотларимизда иштирок этмоқда.

Қуйида машғулотлар жараёнидан олинган суратларни томоша қилинг.