Бугун “Севинч” ўз тарихида бешинчи марта Ўзбекистон Суперкубогида бахтини синаб кўрди. Аёллар футболи тарихида олтинчи марта ўтказилган Суперкубок баҳсида икки гранд жамоа, “Севинч” ҳамда “Бунёдкор W” жамоалари ўзаро куч синашишди. Тажриба бугун яна бир бора ўз сўзини айтди.

“Севинч” Суперкубокда яна имкониятни бой берди. Жамоамиз ўтган йилги Суперкубокда ҳам “Бунёдкор W”га мағлуб бўлган эди.

Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, бугунги Суперкубок учрашувига тайёргарлик ҳам юқори даражада бўлди. ПФЛ ходимлари бугунги кунни ҳақиқий байрамга айлантириш учун анча меҳнат қилишгани яққол сезилиб турди. Афсуски, бугун стадионда фақат  мухлислар етишмади. Ташкилотчилик жиҳатидан қолгани ҳаммаси ажойиб бўлди. «Зомин»  стадиони ходимларининг ҳам саи-ҳаракатлари кўриниб турди.

Учрашувнинг дастлабки бўлими 3:1 ҳисобида якунланди. Учрашувнинг 7-дақиқасида ҳимоячиларимиз ва дарвозабонимизнинг қупол хатосидан сўнг Умида Зоирова ўз жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, орадан тўрт дақиқа ўтиб, жамоамиз тўпурари Нилуфар Қудратова орадаги ҳисобни тенлаштиришга эришди 1:1. Аммо, 17-дақиқага келиб яна хатоимиз туфайли дарвозамиздан тўп олиб чиқдик 2:1. Бу голга Людмила Карачик муаллифлик қилди. Ушбу футболчи 36-дақиқада орадаги ҳисобни 3:1га ўзгартирди. Бу голда ҳам ҳимоячиларимиз ва дарвозабонимиз умуман ишончсиз ҳаракат қилишди. Биринчи бўлим ана шу ҳисобда якунига етди.

Иккинчи бўлимда жамоамиз ўйин тизгинини қўлга олгандай бўлди. Кетма-кет ҳужумлар ҳам уюштиришга эришдик. Аммо яратилган вазиятларни голга айлантиришда анча оқсадик. Рақиб дарвозасига баъзида тўғри зарба бера олмаган бўлсак, баъзида тажрибали посбон Ольга Кахарова ўз жамоасининг жонига оро кирди.

Учрашув тугалланиб бораётган бир паллада, “Бунёдкор W” тезкор қарши ҳужум уюштирди, бу ҳужумга  Маҳлиё Сарикова гол билан нуқта қўйди. Ҳисоб 4:1. Яқин тарихда “Севинч” бундай йирик ҳисобда мағлуб бўлган эмас эди.

Шундай қилиб, ҳақиқий ижрочилар тўпланган “Бунёдкор W” жамоаси, ўз тарихида иккинчи марта Ўзбекистон Суперкубоги соҳибига айланди. Энди мамлакатимизнинг уч жамоаси – “Севинч”, “Металлург W” ва “Бунёдкор W” жамоалари Суперкубокда “дубл”га эришдилар.

“Севинч” энди бутун эътиборини чемпионат баҳсларига қаратади. Жамоамиз 3 июль жума куни, бу йилги чемпионатнинг илк турини, ўз майдонида Термизнинг “Сурхон W” жамоасига қарши ўтказади.

Учрашув, “Геолог” стадионида таъмир ишлари кетаётган сабаб, Спутник қўрғонидаги “Меҳнатчи” стадионида бўлиб ўтади ва соат 18:00да бошланади.

 

 

Аёллар футболи. Ўзбекистон Суперкубоги-2020

“БУНЁДКОР W” – “СЕВИНЧ” 4:1 (3:1).

29.06.2020. Зомин ш., “Зомин” стадиони. 18:00да

 

Бош ҳакам: Раҳимбек Каримов

Қанот ҳакамлари: Маҳмуд Турдиев, Феруз Достонов

Захира ҳаками: Достон Раҳмонов

Назоратчи: Марат Исмоилов

Комиссар: Нигора Абидова

 

Гол: Умида Зоирова, 7’-1:0, Людмила Карачик, 17’-2:1, 36’-3:1, Маҳлиё Сарикова, 85’-4:1 – Нилуфар Қудратова, 11’-1:1

 

 

“Бунёдкор W”: 1.Ольга Кахарова (23.Зарина Саидова, 89), 3.Зумратжон Назарова (19.Нозимахон Эргашева, 67), 5.Камола Рискиева, 7.Людмила Карачик, 9.Маҳлиё Сарикова, 10.Саида Галимова (с), 14.Марина Косникова. 15.Умида Зоирова, 17.Феруза Турдибоева, 22.Солиҳа Ҳусниддинова, 77.Луиза Садирова.

Захира: 4.Зиёда Исоқова, 11.Гулчеҳра Эшмаматова, 12.Зиёда Ирисбоева, 20.Насиба Турсунова, 21.Сўғдиёна Алламуродова.

 

“Севинч”: 16.Мафтуна Жонимқулова (12.Ангелина Полюшкевич, 44), 1.Лайло Тиловова (с), 6.Феруза Бобохўжаева, 8.Лайло Шодиева, 9.Мафтуна Шойимова, 14.Гулзода Амирова, 15.Шоира Қултураева, 23.Мафтуна Панжиева, 25.Диёра Эркинова (10.Фазилат Бахромова, 45), (27.Шодия Тошева, 90), 37.Малика Бурхонова, 77.Нилуфар Қудратова.

Захира: 20.Рушана Тошпулатова, 32.Уғилой Сайдуллаева.

 

Огоҳлантириш: Мафтуна Панжиева (69), Шодия Тошева (90).