Аввал хабар қилганимиздек, жамоамиз 10 июнь кунидан яна тайёргарлик машғулотларига киришди.

Машғулотлар давом эттирилиши олдидан жамоамиз бош мураббийи Владислав Николаевич ва жамоамиз шифокори Ўктам ака Эшмуродовлар,  барчага карантин талаб ва қоидаларини яна бир марта чуқур тушунтиришди. Футболчилардан машғулот пайти, овқатланиш ва яшаш шароитида нималарга кўпроқ эътибор қаратилиши ҳам уқтирилди. Шунингдек, жамоа машғулотларида иштирок этувчиларнинг карантин талабларини бажариш бўйича шахсий жавобгарлиги ҳам тушунтирилди ва бу ҳақда умумий  келишув ҳам имзоланди. Ушбу келишувда ҳатто карантин талабларини бўзганлик учун интизомий жазо қўлланиши ҳам кўзда тутилган. Чунки карантин пайти ҳар бир футболчи нафақат ўзининг соғлиги, балки бошқа жамоадошларининг ҳам соғлиги учун маъсул ҳисобланади.

Бу йилги чемпионат учун ПФЛдан рўйхатдан ўтказилган 20 нафар футболчимизнинг барчаси, жамоамиз машғулотларида иштирок этишмоқда.

“Геолог” стадионида машғулотлар кунига икки маҳалдан олиб борилмоқда. Айни кунларда мураббийларимиз асосий эътиборни футболчиларнинг умумий жисмоний ҳолатини яхшилашга қаратишган. Чунки, карантин давомида бу ҳолат ҳаммада ҳар хил бўлиши мумкин. Бу босқичдан сўнг футболчиларимиз техник маҳоратини ошириш машқларига ва тактик машқларни  бажаришга ўтишади.  Шунингдек ўйин амалиётини ошириш ҳам назарда тутилган.