Қисқа таътилдан сўнг футболчиларимиз кечадан бошлаб, янги мавсум тайёргарлигининг навбатдаги учинчи босқичига киришди.

Бу сафар ўқув-йиғин машғулотлари Қарши шаҳрида олиб борилмоқда. Тайёргарликнинг бу босқичи ҳам ўн кун давом этади ва 14 феврал куни жамоамиз Тошкентга сафар уюштиради.

Феврал ойининг 15-кунидан футзал бўйича аёллар ўртасида XV Ўзбекистон чемпионати бошланади. Футболнинг мазкур тури бўйича ўн тўрт карра Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган жамоамиз, бу сафар ҳам чемпионлик учун кураш олиб боради.

Таркибимизга жалб этилган янги футболчилардан Диёра Эркинова, Фазилат Бахромова ва  Шоира Қултураевалар мурараббийларимизга маъқул келишди. Фазилат Бахромова ва  Шоира Қултураевалар клубимиз тарбияланувчиларидир, бунгача улар бошқа жамоаларда ижара асосида тўп тепишган. Ушбу футболчилар билан ўзаро шартнома имзоланди.

Бундан ташқари айни кунларда хорижий футболчилар билан ҳам музокаралар давом этмоқда. Бу футболчилар билан келишувга эришилган тақдирда, катта футбол бўйича чемпионат бошлангунга қадар шартнома имзоланади.

Бу йилги аёллар ўртасидаги катта футбол бўйича чемпионат ҳар йилгидан кўра қизиқарли ўтиши кутилмоқда. Бунга сабаб, келаси йилдан бошлаб қитъамизнинг аёллар футболида илк марта чемпионлар лигаси мусобақаси ўтказилади. Бу йилги чемпионатда ана шундай нуфузли мусобақага йўлланма олиш учун ҳам қизиғин кураш кетади. Шундан келиб чиқиб, жамоамиз мураббийлари таркибни яна кучайтириш борасида бош қотиришмоқда.