“Севинч” янги мавсум тайёргарлигининг иккинчи босқичига бугундан киришди. Бугун жамоамиз куннинг биринчи ярмида, воҳамизнинг тоғли ҳудуди бўлган Деҳқонобод туманига етиб келди.

Туман марказидан сал четроқда жойлашган “REAL KOMFORT” меҳмонхонасига жойлашишди ва тушлик, озроқ ҳордиқдан сўнг кечки машғулотни ўтказди.

Эслатиб ўтамиз, “Севинч”нинг қароргоҳи бўлмиш, “Геолог” спорт мажмуасида кенг кўламдаги таъмирлаш ишлари ҳали давом этмоқда.

Жамоамиз бугунги дастлабки машғулотни  туман марказида жойлашган “Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби”да олиб борди.

Ўзингизга маълум, бу йил 15-20 феврал кунлари Тошкентда аёллар ўртасида мини футбол бўйича XV Ўзбекистон чемпионати ўтказилади. Футболнинг ушбу тури бўйича 14 карра чемпионликни қўлга киритган жамоамиз, бугундан мазкур чемпионат тайёргарлигини бошлади.

Машғулотлар, қувноқ ва эркин тарзда ўтди. Футболчиларимиз мураббийларимиздан олган кўрсатмаларни иккига бўлинган ҳолда, ўйин  амалиётида синаб кўришди.

Эртадан бошлаб, машғулотлар кунига икки маҳалдан олиб борилади.

Бугундан йиғинимизга янги футболчилар ҳам келиб қўшилишди. Бунгача “Металлург W” жамоасида тўп тепган,

клубимиз тарбияланувчиси, ҳужумчи Фазилат Бахромова ва

ўтган йили Тошкентнинг “Локомотив W” жамоасида тўп тепган, қанот ярим ҳимоячиси Муҳлиса Мардиевалар энди мураббийларимиз “имтиҳони”дан ўтишади. Уларнинг ҳаракатлари ижобий баҳоланса, бу футболчилар клубимиз аъзоларига айланишади. Таркибимизга яна янги футболчилар қўшилиши кутилмоқда.

Қуйида бугунги машғулотдан олинган айрим суратларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.