Аввал хабар қилганимиздек, “Севинч” жамоамиз 10 январдан бошлаб янги мавсум тайёргарлигига киришган эди. 10 кун давом этадиган ушбу дастлабки босқич тайёргарлиги бугун якунига етади. Ўқув-йиғин машғулотлари вилоятимизнинг тоғли ҳудуди, Деҳқонобод тумани марказида олиб борилмоқда.

Дастлабки босқич тайёргарлигида асосий эътибор футболчиларимизнинг тикланиш ва жисмоний тайёргарлигига қаратилди. Машғулотлар катта мураббийимиз Баҳром Норсафаров бошчилигида олиб борилди. Машғулот жараёнида узоқ масофага югуриш ва фитнес машқларига зўр берилди.

Энди футболчиларимизга уч кунлик дам берилади ва 22 январдан янги мавсум тайёргарлигининг иккинчи босқичига киришилади.

15-20 феврал кунлари Тошкент шаҳрида аёллар ўртасида футзал бўйича XV Ўзбекистон чемпионати ўтказилади. Футболнинг ушбу тури бўйича 14 карра чемпионликни қўлга киритган “Севинч” жамоамиз ҳам иштирок этади. Афсуски, ушбу чемпионат ўтган йили ўтказилмасдан қолган эди. Футболимизнинг янги раҳбарияти ташаббуси билан бу чемпионат яна тикланди.

Тайёргарликнинг иккинчи ва учинчи босқичи ушбу чемпионат тайёргарлигига қаратилади.

Ҳозирча, навбатдаги босқич тайёргарлиги ҳам Деҳқонободда ўтказилиши режалаштирилган. Чунки, “Севинч”нинг қароргоҳи бўлган, Қарши шаҳридаги “Геолог” спорт мажмуасида айни пайтда кенг кўламдаги таъмирлаш ишлари кетмоқда.

Таркибимизда уч нафар янги футболчилар кўрикдан ўтишмоқда булар, Шоира Қултураева, Амина Шодиева ва Диёра Эркиновалардир. Шоира Қултураева ва Амина Шодиевалар клубимиз тарбияланувчиларидир. Улар бунгача ижара асосида бошқа жамоаларда тўп тепишган эди. Диёра Эркинова эса бунгача Бекободнинг “Металлург W” жамоасида тўп тепган. Ушбу футболчилар мураббийларимиз маъқул келишса, улар билан янги шартномалар имзоланади.

Мураббийларимиз яна янги футболчиларни кўрикка таклиф этишган, бу футболчилар ҳақида кейинроқ маълумот берамиз.