Ўтган йили ўз тарихида ўн учинчи марта чемпионликни қўлга киритган жамоамиз, эртадан янги футбол мавсумига тайёргарликни бошлайди.

Жамоамиз эртага Деҳқонобод марказига ташриф буюради ва у ерда илк ўқув-йиғин машғулотларини бошлайди. Йиғиннинг дастлабки босқичи 10 кун давом этади ва асосий эътибор футболчиларимизнинг жисмоний тайёргарлигига қаратилади. Илк босқич ниҳоясига етгач, футболчиларимизга уч кунлик дам берилади ва йиғиннинг 2-босқичи бошланади. Бу ҳақда кейинроқ батафсил маълумот берамиз.

Жамоамиз таркибида ўзгаришлардан, ўтган чемпионатда жамоамиз шарафини ҳимоя қилган Рушания Сафина, Ўғилой Қучқорова ва Шахноза Қурбоновалар жамоамизни тарк этишган. Бу футболчиларимизнинг жамоамиз ютуқларига қўшган ҳиссалари учун улкан ташаккурлар билдириб қоламиз.

Шунингдек ўтган йилги чемпионат давомида мураббийларимиз сафида фаолият юритган Гулнара Аъзамова ҳам энди бошқа клубда фаолиятини давом эттиради. Гулнара Эргашевнага ҳам клубимиздаги фаолиятини учун катта миннатдорчилик билдирамиз.

Ўтмишда Қашқадарё футболи ривожига футболчи сифатида ўзининг ҳиссасини қўшган, “Машъал” ва “Насаф” футбол клубларида тўп тепган –  Александр Бейнарович жамоамизда иш бошлади. Ушбу мутахасис энди футболчиларимизнинг жисмоний тайёргарлигига маъсул бўлади.

“Севинч” бу йилги футбол мавсуми учун ўз таркибини янада кучайтириш мақсадида, селекция ишларини ҳам бошлаб юборган. Ҳозирги пайтда бир неча маҳаллий ва хорижий футболчилар билан музокаралар олиб борилмоқда. Жамоамиз таркибига қўшиладиган янги футболчилар ҳақида, кегусида мухлисларимизга батафсил маълумот берамиз.