Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози, “Севинч” жамоасининг бош мураббийи, жамоа ютуқларига улкан меҳнати синган, жонкуяр устоз –  Владислав Николаевич Хан бугун муборак 63 ёшга тўлди.

Хан В.Н. 2003 йилдан буён ҳозиргача “Севинч” клубида фаолият юритиб келмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда аёллар футболи бўйича Владислав Николаевич ўзига хос рекордчи ҳисобланади. “Севинч” жамоаси  унинг қўл остида ўн уч марта Ўзбекистон чемпиони, ўн марта Ўзбекистон Кубоги соҳиби, икки карра Ўзбекистон Суперкубоги соҳиби, мини футбол бўйича ўн тўрт марта мамлакат чемпиони,  тўққиз  марта Ўзбекистон Кубоги соҳиби. Пляж (соҳил) футболи бўйича  етти марта Ўзбекистон чемпиони ва шунча марта Ўзбекистон кубоги соҳиби. Шунингдек Владислав Николаевич раҳбарлигида “Севинч” жамоамиз қатор халқаро турнирларда ҳам ғолибликни қўлга киритган. Бундан ташқари Владислав Хан мамлакатимизнинг аёллар терма жамоасида ҳам эътирофга лойиқ ютуқларга эга бўлган.

Владислав Николаевичнинг ўзбек аёллар футболини ривожлантиришда қўшган ҳиссаси беқиёсдир. “Севинч”даги ўн етти йиллик фаолиятида сон-саноқсиз шогирдларни тарбиялаб вояга етказди. Ҳозирги кунда унинг  шогирдлари мамлакатимизнинг деярли барча аёллар жамоасида топилади.  Улар орасида  мураббийлик билан шўғулланаётганлари ҳам кўп.

Владислав Николаевичнинг мамлакатимизда футболни ривожлантириш, ёшларни спортга, футболга кенг тарғиб қилиш ва уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашдаги фаолияти ҳам давлатимиз раҳбари томонидан муносиб тақдирланган. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президентининг 2008 йил 28 августидаги фармонига кўра, Владислав Николаевичга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони берилган.

Владислав Николаевич бугунги кунда нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам тажрибали мураббий сифатида эътироф этилади.

“Севинч” ПФК раҳбарияти, мураббийлари, футболчилари ва барча ходимлари, қолаверса миллионлаб  футбол ишқибозлари  номидан Владислав Николаевичнинг бугунги таваллуд айёми билан самимий муборакбод этамиз!

У кишига мустаҳкам сиҳат-саломатлик, узоқ умр ва бахт саодат тилаймиз.

Доимо соғ ва омон бўлинг,  қадрли Владислав Николаевич!

63 ёшингиз қутлуғ бўлсин!

“Севинч” ПФК жамоаси