Бугун “Севинч” бу йилги Аёллар  Суперлигасининг сўнгги 14-тур учрашувини ўз майдонида Навоийнинг “Қизилқум Guli” жамоасига қарши ўтказди.

Учрашувда жамоамиз рақибини 4:0 ҳисобида мағлуб этди.

Жамоамизга нисбатан икки очко кўп тўплаб, чемпионликка бу йил ҳам давогарлик қилиб турган Тошкентнинг “Бунёдкор W” жамоаси, Янгиерда бўлиб ўтган “Металлург W” жамоасига қарши учрашувда кутилмаганда ютқазиб қўйди ва турнир жадвалидаги ўз ўрнини “Севинч”га бўшатиб берди.

Шундай қилиб, “Севинч” орадан уч йил ўтиб, яна чемпионликни қўлга киритди, бу чемпионлик клубимиз тарихидаги ўн учинчи чемпионлик сифатида қайд этилди!

Энди бугунги ўйин ҳақида тўхталадиган бўлсак, рақибига нисбатан анча кучли бўлган жамомамиз, ўйинни жуда фаол бошлаган бўлсада, “Қизилқум Guli” жамоаси дарвозасига йўл топиши қийинроқ кечди. Кетма-кет ташкил этилган ҳужумкор ўйиннинг 30-дақиқасига келибгина орада ҳисоб очилди. Ҳимоячиларнинг йўл қўйган қўпол хатосидан унумли фойдаланган Мафтуна Шойимова, жамоамизни ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Албатта бу гол жамоамизнинг кайфиятини кўтариб юборди ва майдонда эркин ҳаракат қилишига йўл очиб берди. Биринчи бўлимнинг ўзида Лайло Шодиева ва Шахноза Қурбоновалар ҳам ўз ҳисобига гол ёздириб қўйишга эришдилар.

Дастлабки бўлим 3:0 ҳисобида жамоамиз фойдасига ҳал бўлди.

Иккинчи бўлимда ҳам устунликка эришган жамоамиз гол уриш учун кўплаб қулай вазиятларга   эга бўлишди, аммо фақат 50-дақиқада Мафтуна Шойимова рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди – 4:0. Ушбу ҳисоб ўйин охиригача сақланиб қолди.

Учрашув ҳакамининг ўйин тугагани ҳақидаги ҳуштаги янрагач футболчиларимиз чемпионликни нишонлашга киришиб кетишди. Чунки, бу вақтда Янгиердаги учрашув ниҳоясига етган ва натижа маълум эди.

Чемпионлик расмийлаштирилган ва бу йилги мавсумнинг сўнгги учрашуви ана шундай якун топди.

Чемпионлик билан барча футболчиларимизни, мураббийларимиз ва ходимларимизни ҳамда клубимиз ишқибозларини самимий табриклаймиз!

Бизни яқиндан қўллаб-қувватлаган, клубимиз раҳбарияти ва бош ҳомийси – “Шўртангаз кимё мажмуаси” МЧЖ раҳбариятига чин кўнгилдан ташаккуримизни билдирамиз! Бизга мададкор бўлганингиз учун каттадан – катта раҳмат!

 

Қуйида бугунги учрашув қайдномасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

Аёллар Суперлигаси. II БОСҚИЧ. 14-тур

“СЕВИНЧ” – “ҚИЗИЛҚУМ GULI” 4:0 (3:0). 67 томошабин

15.11.2019. “Геолог” стадиони. 14:00да

 

Бош ҳакам: Илья Илин

Қанот ҳакамлари: Александра Кончикова, Дарья Снеткова

Захира ҳаками: Артём Калинин

Назоратчи: Иброҳим Шарипов

Комиссар: Дилдора Ҳолбаева

 

Голлар: Мафтуна Шойимова, 30’-1:0, 50’-4:0,Лайло Шодиева, 34’-2:0, Шахноза Қурбонова, 45+1’-3:0.

 

 

“Севинч”: 16.Мафтуна Жонимқулова, 1.Лайло Тиловова, 8.Лайло Шодиева, 9.Мафтуна Шойимова, 14.Гулзода Амирова (78.Алиса Захаренко, 66), 15.Шахноза Қурбонова (11.Севара Рўзиева, 73),  17.Танзиля Зарбиева (с), 20.Севара Нормуродова, 27.Шодия Тошева, 37.Малика Бурханова, 77.Нилуфар Қудратова.

Захира: 12.Ангелина Полюшкевич, 6.Феруза Бобохўжаева, 3.Мафтуна Панжиева,.

 

 

“Қизилқум Guli”: 28.Нодирабегим Мелибоева (1.Зебунисо Авлиёқулова, 51), 3.Юлдуз Шодиева, 5.Диёра Раҳматова, 9.Барчиной Эшмуродова (8.Юлдуз Саидова, 76), 10.Елена Лагуткина (с) (21.Анора Фармонова, 67),  11.Шахзода Жамолова, 14.Нигина Ҳайдарова (22.Саодат Қўлдашева, 83), 15.Бахтишод Тўхтаева, 17.Амина Шодиева, 20.Мафтуна Жўраева,  77.Вазира Ҳайитова.

Захира: 18.Рушания Мазитова.

 

 

Огоҳлантириш: Шодия Тошева (59).