Ўзинигизга маълум, 5 август куни Ўзбекистон аёллар Суперлигасининг II босқич учрашувларига старт берилади. Чемпионлик учун курашадиган юқори саккизликнинг дастлабки 1-тур учрашувлари, 5-6 август кунлари бўлиб ўтади.

Ўн икки карра Ўзбекистон чемпиони, ўн карра Ўзбекистон Кубоги соҳиби – “Севинч” жамоамиз ҳам чемпионлик учун баҳсларга киришади.

Жамоамиз II босқич тайёргарлигини 20 июл куни бошлаган эди. Шу давр мобайнида, Шахрисабз туманининг тоғли ҳудуди – Мироқи қўрғонида бир ҳафталик ўқув-йиғин машғулотлари ўтказилди. Икки кунлик қисқа танаффусдан сўнг эса, жамоамиз ўз қароргоҳида йиғилиб, яна машғулотларга киришди.

Шуниси қувонарлики, узоқ муддат жароҳати туфайли сафдан чиққан, чап қанот ярим ҳимоячимиз Севара Нормуродова ҳам умумжамоа машғулотларига қўшилган. Ушбу моҳир футболчимиз навбатдаги босқичда жамоамизга ёрдам бериши учун астойдил шуғулланмоқда.

Кичик жароҳати туфайли Уғилой Қучқарова ҳам алоҳида шуғулланмоқда. Аммо у дастлабки турнинг ўзида майдонга тушади.

Аввал хабар  қилганимиздек,  муқаддам “Сурхон W” жамоасида тўп тепган Алиса Захаренко ҳам жамоамиз таркибидаги дебют учрашуви учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Шунингдек бунгача “Севинч-2” жамоамизда тўп тепган – Севара Рўзиева ҳам умумий машғулотларда фаол иштирок этаяпти.

Эслатиб ўтамиз, “Севинч” II босқич, 1-давра, 1-тур учрашувини сафарда Навоийнинг “Қизилқум Guli” жамоасига қарши ўтказади.

Учрашув 6 август сешанба куни бўлиб ўтади.

Қуйида бугунги машғулотдан олинган суратларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.