Жамоамиз бу йилги чемпионатнинг дастлабки босқичи якунига етгач, Ўзбекистон Кубогининг 1/8 финалидаги битта учрашувда майдонга тушиб, таътилга чиққан эди.

 

Жамоамиз эртага, 20 июл шанба кунидан яна ўзларига тегишли Қарши шаҳридаги қароргоҳида йиғилишади ва 2-босқичга тайёргарликни бошлашади.

 

Ўзларингизга маълум, 17 июл куни ПФЛ томонидан аёллар футболи бўйича иккинчи ярим йилликка қуръа ташланди. Шунингдек аёллар суперлигасининг ҳам 2-босқич тақвими аниқ бўлди. Унга кўра, “Севинч” бу босқичдаги 1-давра, 1-тур учрашувини сафарда Навоийнинг “Қизилқум Guli” жамоасига қарши ўтказади. Учрашув 6 август куни бўлиб ўтади. Шундан сўнг аёллар суперлигасида деярли икки ҳафталик танаффус бўлади. Бунга сабаб, суперлиганинг қуйи гуруҳидаги жамоалар ўртасидаги учрашувлар, Ўзбекистон Биринчилиги ҳамда 14 ёшли футболчи қизларимиз мамлакат терма жамоасининг Бишкекда бўладиган CAFA Кубогида иштирокидир.

 

Чемпионлик учун курашаётган юқори саккизлик ўртасидаги 2-тур учрашувлари 19 август кунидан яна давом эттирилади. Тақвимга кўра, жамоамиз 2 ва 3-тур учрашувларини ўз майдонида “Сўғдиёна W” ва “АГМК W” жамоаларига қарши ўтказади.

 

“Севинч” чемпионатнинг навбатдаги босқич тайёргарлиги юзасидан, 21 июл куни вилоятимиз тоғли ҳудуди бўлган – Шахрисабз туманидаги Мироқи қўрғонига сафар уюштиради. Бу ерда жойлашган дам олиш масканида бир ҳафталик ўқув-йиғин машғулотлари бўлиб ўтади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу йиғин бош ҳомиймиз – “Шўртан газ кимё мажмуаси” раҳбариятининг бевосита қўллаб-қувватлаши орқали амалга оширилмоқда. Бунинг учун албатта, мураббийларимиз ва футболчиларимиз номидан клубимиз бош ҳомийси раҳбариятига ташаккурлар билдириб қоламиз.

 

“Севинч” таркибида ўзгаришлар ҳам бўлади. Бугундан сафимизга, бунгача “Сурхон W” жамоасида тўп тепган, марказий ярим ҳимоячи – Алиса Захаренко қўшилди. Ушбу футболчи анча вақтдан буён мураббийларимиз назарида эди.

 

Чап қанот ярим ҳимоячимиз – Дилрабо Асадова эса яна “АГМК W” жамоасида тўп тепиши кутилмоқда.

 

Ҳозирча жамоамизга оид янгиликлар шулардан иборат.