Ўн икки карра Ўзбекистон чемпиони – “Севинч” бугун жорий чемпионатдаги юришини бошлайди.

Жамоамиз бугун дастлабки тур учрашувини сафарда “Сурхон W” жамоасига қарши ўтказади. Учрашув Термиз шаҳридаги “Сурхон”  спорт мажмуасида соат 15:00да бошланади.

Термизнинг “Сурхон W” бугун мамлакатимиз аёллар футболининг юқори лигасидаги илк учрашувини ўтказади. Термизлик футболчи қизлар бунгача қуйи лигада қатнашиб келишган.

Аёллар футболи бўйича мамлакат XXV миллий чемпионати баҳслари бошланганига бир неча кун бўлди. Аммо юртимизнинг етакчи клублари баҳсларга бугун киришишади. Сабаби Ўзбекистон ОТЖ нинг Тошкентда ўтказилган Токио-2020 саралаш баҳслари 2-раундидаги иштироки боис терма жамоага ўйинчи етказиб берган клубларнинг ўйинлари кечиктирилганди.

Бу йилги аёллар ўртасидаги янгича форматда ўтказилмоқда. Чемпионатда қатнашадиган жамоалар, яъни ПФЛ талабларини бажарган 15 жамоа икки минтақага ажратилди. Биринчи босқичда жамоалар икки даврали мусобақада кучли тўртликни аниқлаб беришади. Кейин эса ҳар иккала минтақанинг етакчилари (8та жамоа) яна икки даврали баҳсларда чемпионатнинг ғолиб ва совриндорларини аниқлаб беришади. Бунда биринчи босқичдаги натижалар инобатга олинмайди. Барчаси “ноль”дан бошланади.

Ҳозирча эса минтақалар таркиблари билан таништириб ўтсак:

“Шарқий” минтақа: “Нефтчи W”, “Бунёдкор W”, “Металлург W”, “Пахтакор W”, “Локомотив W”, “Андижанка”, “Навбаҳор W”.

“Ғарбий” минтақа: “Қизилқум Гули”, “Бухоро W”, “АГМК W”, “Сўғдиёна W”, “Динамо W”, “Шўртан Lady”, “Севинч”, “Cурхон W”.

Кўриб турганингиздек, “Шарқий” минтақада, “Ғарбий” минтақага нисбатан битта жамоа кам, бу минтақада навбат билан бир жамоа ҳар турда дам олади.

Ўзингизга маълум, 1-тур учрашувлари 10 апрел куни бошланди. Ҳозирча “Ғарбий” минтақада ғузорликлар, “Шўртан Lady” жамоаси турнир жадвалида пешқадам бўлиб турибди. Бугун бизнинг минтақада 1-турга якун ясалади.

“Севинч” жамоамизга бугунги учрашувда омад ва зафар ёр бўлишига тилак билдириб қоламиз.