Ўзбекистон аёллар олимпия терма жамоаси бугун «Turkish Women’s Cup 2019» халқаро мусобақаси доирасида Шимолий Ирландия терма жамоасига қарши баҳс олиб борди. Ўйин Шимолий Ирландия терма жамоасининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Терма жамоамиз таркибида ягона голга 66-дақиқада Дилдора Нозимова муаллифлик қилди.

Шу тариқа Баҳром Норсафаров шогирдлари «Turkish Women’s Cup 2019» халқаро мусобақасидаги иштирокларини якунлашди. Мусобақа давомида қизларимиз Ҳиндистон терма жамоасини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратишди. Руминия терма жамоасига кичик ҳисобда имкониятни бой беришди. Туркманистон терма жамоасини эса 11:1 ҳисобида таслим этишди.

Мусобақа давомида мураббийлар штаби терма жамоага номзод футболчиларни синовдан ўтказиб, турли тактик схемаларни амалда қўллаб кўришди. Руминия, Шимолий Ирландия каби кучли терма жамоаларга қарши ўйинлар орқали камчиликлар аниқлаб олинди. Энди мана шу камчиликлар устида иш олиб борилади.