Ўзбекистон U-19 аёллар терма жамоаси жорий йилда Осиё чемпионатининг саралаш босқичида қатнашишидан хабарингиз бор.

Қуръа натижаларига кўра футболчи қизларимиз Қирғизистон, БАА, Гуам, Мальдив ороллари терма жамоалари билан «С» гуруҳидан жой олган.

Саралаш учрашувлари 2018 йил 20 октябрь кунидан 29 октябрь кунига қадар Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида бўлиб ўтади. U-19 Ўзбекистон аёллар терма жамоаси футболчилари ушбу мусобақага муносиб тайёргарлик кўриш учун бугундан яна Тошкент шаҳрида навбатдаги йиғинга киришди.

Ушбу терма жамоага “Севинч” клубидан олти нафар футболчимиз Лайло Шодиева, Шахноза Қурбанова, Севара Нуруллаева, Лайло Тошева, Маржона Тўраева ва Шахнозабону Юсуповалар таклиф этилди. Ҳамда мураббийимиз Гулнора Тўраева ҳам терма жамоа мураббийлар штабида ишлайди. Ўқув-йиғин машғулотлари 23 августгача давом этади.

Шунингдек Ўзбекистон U-16 аёллар терма жамоамиз ҳам шу йили сентябрь ойида Шри-Ланкада Осиё чемпионатининг саралаш босқичида иштирок этади.

Ушбу турнирга тайёргарлик кўриш мақсадида U-19 Ўзбекистон аёллар терма жамоамиз ҳам бугундан Тошкент шаҳрида навбатдаги йиғинга киришди. Йиғин 20 августгача давом этади.

Ушбу терма жамоамизга қуйидаги футболчиларимиз таклиф этилди. Булар Ангелина Полюшкевич, Рушана Тошпўлатова, Дурдона Алиева, Севинч Ашурова, Уғилой Сайдуллаевалардир.

Терма жамоларимизга ва футболчиларимизга ўқув-йиғин машғулотларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Эслатиб ўтамиз, “Севинч” жорий чемпионатнинг 17-18-тур учрашувларини сафарда “Андижанка” ва “Қўқон-1912 W” жамоаларига қарши ўтказади. Учрашувлар 26 ва 29 август кунлари бўлиб ўтади.